“Ўзбекнефтгаз” ва CNPC ҳамкорлиги: “М-25” конидаги авария оқибатларини бартараф этиш масаласи кўриб чиқилди
Дунёнинг бешта энг йирик энергетика гиганти қаторига кирувчи Хитой миллий нефть-газ корпорацияси президенти Чжоу Синхуай бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) президенти Чжоу Синхуай бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Музокараларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. CNPC “Ўзбекнефтгаз”нинг муҳим ҳамкорларидан бири экани таъкидланди.
Томонлар бурғилаш, геология-қидирув, сейсмик тадқиқотлар, конларнинг газ бериш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш, лойиҳалаш ва замонавий ускуналар етказиб бериш йўналишларидаги ҳамкорлик натижаларини муҳокама қилди. CNPC таркибидаги Xibu, BGP, CCDC ва CNLC компаниялари иштирокидаги лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди.
Учрашувда “М-25” конидаги авария оқибатларини бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳа доирасида қутқарув қудуқларини бурғилаш режалаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, ички бозорни ёқилғи билан барқарор таъминлаш учун нефть маҳсулотларини етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар узоқ муддатли етказиб бериш механизмларини ишлаб чиқиш ва тегишли компаниялар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Тошкент шаҳрида CNPCнинг доимий ваколатхонасини ташкил этиш, қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш учун маъмурий инфратузилма яратиш ҳамда ижтимоий ташаббусларни ривожлантириш таклифлари ҳам илгари сурилди.
Кадрлар тайёрлаш масаласида эса И. М. Губкин номидаги нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини қўллаб-қувватлаш муҳокама қилинди. Ушбу ташаббус нефть-газ соҳаси учун малакали муҳандис-техник мутахассислар тайёрлашга қаратилган.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги технологик ечимларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалий натижаларга йўналтиришга тайёр эканини билдирди.








