Ҳовли тагида ва йўл четидаги яширин “бойлик”: 5,5 кг опий фош этилди
Самарқанд ва Хоразмда гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд ва Хоразм вилоятларида Божхона ҳамда Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддасини ноқонуний муомалага киритиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Биринчи ҳолат Самарқанд вилоятининг Ургут туманида қайд этилган. Тезкор маълумот асосида 1973 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ҳовлисига кўмиб қўйилган соф оғирлиги 4 килограмм 988 грамм «опий» моддаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Иккинчи ҳолат Хоразм вилоятида аниқланган. “Сурхондарё — Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган «Собалт» русумли автомобиль «Саримой» блок-постида тўхтатилган. Автомобилда Термиз шаҳрида яшовчи, 1989 йилда туғилган икки нафар фуқаро бўлган.
Уларнинг уяли алоқа воситалари кўздан кечирилганда, Бухоро вилоятининг Ромитан тумани ҳудудидан ўтувчи А-380 халқаро автомобиль йўлининг бир қисмида гиёҳвандлик моддаси яширилгани маълум бўлган. Кўрсатилган жойдан 539 грамм «опий» моддаси олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, фуқаролар ушбу моддани Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








