Тиббиёт ходимлари диққатига: давлат рўйхатидан ўтиш мажбурий бўлади
Янги тартибга кўра, тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан фақат тегишли мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин.

Ҳукуматнинг 2026 йил 19 октябрдаги 577-сон қарори билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, 2030 йил 1 январдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахсларга беш йил муддатга берилади. Давлат рўйхатидан ўтмаган шахсларнинг тегишли касбий фаолият билан шуғулланиши тақиқланади.
Мазкур жараён учун масъул ваколатли орган — Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ҳисобланади.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача бўлган даврда ходимлар мутахассислиги бўйича давлат рўйхатидан ихтиёрий тартибда ўтказилади. Бунда махсус имтиҳон натижалари ёки малака тоифасини бериш жараёни асос бўлади. Малака тоифаси берилаётганда давлат рўйхатидан ўтказиш автоматик тарзда амалга оширилиши мумкин.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажига ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз давлат рўйхатидан ўтказилади. Бироқ мурожаат санасига қадар мутахассислиги бўйича уч йил ёки ундан ортиқ вақт давомида узлуксиз касбий фаолият юритмаган ходимлар бундан мустасно.
Давлат рўйхатидан ўтиш учун Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Тиббий малака платформаси орқали мурожаат қилиш мумкин. Электрон аризалар дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, сутканинг исталган вақтида юборилади.
Ваколатли орган келиб тушган сўровномани беш иш куни ичида ўрганиб, талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик ҳақида қарор қабул қилади.
Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда расмийлаштирилади. Уни Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текшириш мумкин. Гувоҳноманинг қоғоз шаклидаги асл нусхаси ёки дубликати берилмайди.
Касбий фаолиятни давом эттириш учун ходимлар ҳар беш йилда қайта давлат рўйхатидан ўтиши лозим.
Қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.








