“Олтин қалам” Парижга етиб борди: франциялик журналистга мукофот топширилди
“Georama” нашриёти асосчиси ва “Euronews” мухбири Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолари бўлди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегациясининг Францияга сафари доирасида Парижда тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда франциялик журналист, “Georama” нашриёти асосчиси ва директори Диде Лабушга “Олтин қалам” миллий мукофоти топширилди.
Тадбирда жамоатчилик ва эксперт доиралари вакиллари, ватандошлар ҳамда журналистлар иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов мамлакатда сўз эркинлиги ва очиқликни таъминлаш, журналистларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, “Олтин қалам” миллий мукофоти доирасида “Хорижлик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали” номинациясининг мавжудлиги хорижий оммавий ахборот воситаларида мамлакат ҳақида тайёрланаётган материаллар кўпайишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Диде Лабуш халқаро эътирофдан мамнунлигини билдириб, келгусида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни янада кенгроқ ёритишга интилишини айтди. Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг ютуқлари журналистларни улар ҳақида ёзишга ундайди.
“Олтин қалам” мен учун шунчаки эътироф эмас. Бундай нуфузли мукофотни қўлга киритиш менга илҳом ва фахр бағишлайди”, — дейди у.
Маросим якунида Диде Лабуш ва “Euronews” телеканали мухбири Галина Полянскаяга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномалари ҳам топширилди.








