Туғилган кундан қолган овқат фожиаси: Хоразмда она ва уч фарзанди вафот этди
Уларда туғилган кун маросимидан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганидан сўнг заҳарланиш аломатлари кузатилган.

Хоразм вилоятининг Боғот туманида 2026 йилнинг 9–10 октябрь кунлари бир оиланинг тўрт нафар аъзоси — она ва унинг уч нафар вояга етмаган фарзанди овқатдан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Бош прократура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Zamon.uz'гa маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, улар 8 октябрь куни аввалги кундаги туғилган кун маросимидан қолган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилган. Шундан сўнг уларда заҳарланиш аломатлари кузатилган.
Ўлим сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Текширувга вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари жалб қилинган.
Мазкур ҳолатда истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарлар билан боғлиқ жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли 2026 йил 10 октябрь куни Жиноят кодексининг 276-11-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








