ЖССТдан халқаро эътироф: Зироат Мирзиёева нуфузли мукофот билан тақдирланди
ЖССТ Бош директори болалар онкологияси соҳасидаги етакчилиги ва болалар саломатлигини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Биринчи хонимига халқаро мукофотни топширди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёевани болалар онкологияси соҳасидаги етакчилиги ва болаларнинг соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқини илгари сургани учун нуфузли халқаро мукофот билан тақдирлади.
Мукофот “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” халқаро саммити ҳамда Болалар онкологияси ва гематологияси бўйича II халқаро конгресс доирасида топширилди.
ЖССТ Бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус маросимда Зироат Мирзиёеванинг болалар, хусусан, онкологик касалликларга қарши курашаётган болалар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини эътироф этди.
“Муҳтарам Биринчи хоним! Сиз бутун дунёда болалар, айниқса, онкологик касалликлар билан курашаётган болалар манфаатлари йўлида чинакам курашчи, ҳар бир боланинг таълим олиш ва соғлом ҳаёт кечириш ҳуқуқининг ҳимоячисисиз”, — деди ЖССТ Бош директори.
2019 йилда таъсис этилган мукофот аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида аниқ натижаларга эришган, етакчилик ва юксак ютуқларни намоён этган шахсларга топширилади.
Аввалги йилларда мукофот давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, Нобел мукофоти совриндорлари, таниқли олимлар ҳамда жамоат арбобларига берилган. Улар глобал эмлашни ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун эътироф этилган.








