Берунийда кредит қарзи сабаб савдо маркази сотилиб кетди
Аукцион савдоларида нотурар бино 1,4 млрд сўмга сотилиб, сотувдан тушган пул маблағлари қарздорнинг банк олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтирилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг қарорига асосан, қарздор “S.P.” МЧЖдан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фойдасига 2 млрд сўм ундириш, ундирувни Беруний тумани, “Марказий” МФЙда жойлашган нотурар бинога қаратиш белгиланган.
Ушбу суд қарори бўйича чиқарилган ижро ҳужжати Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси Алоҳида муҳим ижро ишларини ижро этиш бўлими иш юритувига келиб тушиб, бўлим томонидан ижро ҳаракатларига киришилган.
Хусусан, бўлим давлат ижрочиси томонидан қарздорга ушбу ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат берилиб, суд қарорининг ижросини таъминламаслик оқибатлари тушунтирилган.
Шунга қарамасдан, қарздор томонидан ижро ҳужжати талаби ихтиёрий равишда бажарилмаганлиги сабабли, гаров мулки бўлган бино тегишли тартибда хатловга олиниб, электрон онлайн-аукцион савдо майдончаси орқали сотувга чиқарилган.
Ўтказилган аукцион савдоларида нотурар бино 1,4 млрд. сўмга сотилиб, сотувдан тушган пул маблағлари қарздорнинг банк олдидаги қарздорлигини қоплашга йўналтирилди.







