Уруш давом этмоқда: Украинада ҳарбий ҳолат яна 90 кунга узайтирилди
2022 йил февралидан бери амал қилиб келаётган ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати навбатдаги бор узайтирилмоқда.

26 октябрь куни Украина Олий Радаси мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини яна 90 кунга узайтиришни маъқуллади. Тегишли қонун лойиҳаларини президент Владимир Зеленский парламентга тақдим этган.
Олий Рада ялпи мажлиси трансляциясига кўра, ҳарбий ҳолат муддатини узайтиришни 293 нафар депутат, умумий сафарбарликни узайтиришни эса 281 нафар депутат қўллаб-қувватлаган. Яна 280 нафар депутат қонун лойиҳаларини парламент спикери томонидан имзолаш ва президентга тақдим этиш учун овоз берган.
Қабул қилинган қарорга кўра, ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини 2026 йил 31 октябрдан 2027 йил 29 январгача узайтириш кўзда тутилган.
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик 2022 йил 24 февралда, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланган куни жорий этилган. Шундан буён ушбу чоралар мунтазам равишда узайтириб келинмоқда.
Аввалроқ, 2026 йил июль ойида парламент ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддатини 2 августдан 31 октябргача узайтирган эди.
Украина президенти Владимир Зеленский аввалги баёнотларида мамлакатда ҳарбий ҳолат хавфсизлик кафолатлари таъминланмагунча бекор қилинмаслигини билдирган.








