Тошкентда солиқ қарзи сабаб махсус машина хатланди
Ҳозирда у жарима майдончасига жойлаштирилиб, аукционга чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Мирзо Улуғбек туман бўлими иш юритувида Тошкент шаҳар солиқ бошқармасининг 2026 йил 23 февралдаги қарорига асосан қарздор акциядорлик жамиятидан ундирувчи — Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси фойдасига 251 миллион 751 минг 348 сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш, солиқ қарздорлигини қоплаш мақсадида олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор ташкилотга тегишли бўлган «HOWO» русумли махсус автотранспорт воситаси аниқланиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Олиб борилган тезкор ва амалий чора-тадбирлар натижасида қидирувда бўлган мазкур автотранспорт воситаси топилиб, белгиланган тартибда ушланди ҳамда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Айни пайтда ушбу автотранспорт воситасини белгиланган тартибда электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш орқали қарздорликни ундириш чоралари кўрилмоқда.







