Ҳиндистонда муссон талафоти: чақмоқ уришидан 14 киши ҳалок бўлди
Кучли ёмғирлар 62 та кўчкига сабаб бўлган.

Ҳиндистоннинг жанубидаги Тамил Наду штатида кучли ёмғирлар ва муссон мавсуми билан боғлиқ ноқулай об-ҳаво оқибатида камида 14 киши чақмоқ уришидан ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий ҳокимиятга таяниб, PTI ахборот агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, кучли ёмғирлар ҳудудда 62 та кўчкини келтириб чиқарган. Шунингдек, турар жойлар ва қишлоқ хўжалиги ерлари сув остида қолган.
Вазият сабаб расмийлар юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилиб, бир нечта машҳур тоғ курортларига сайёҳлар киришини чеклади. Ушбу чоралар об-ҳаво яхшилангунига қадар амал қилади.
Маҳаллий аҳолига туман ҳокими томонидан берилган махсус рухсатнома асосида соат 06:00 дан 18:00 гача ҳаракатланишга рухсат этилган. Чекловлар кучли ёмғирлар сабаб кўчки хавфи ортган тоғли ҳудудларда одамлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Шимоли-шарқий муссон Тамил Наду штатида октябрь ойи ўрталарида бошланган.








