Бир суткада 143 мм ёмғир: Пхукетда кўчалар сув ва лой остида қолди
Оролда бир суткада 142,8 миллиметргача ёғингарчилик кузатилди.

Таиланднинг машҳур курорт ороли Пхукетда кучли ёмғирлар оқибатида сув тошқинлари ва лой кўчкилари юз берди. Bangkok Post нашрининг ёзишича, сўнгги 24 соат ичида оролда 142,8 миллиметргача ёғингарчилик кузатилган.
Энг мураккаб вазият Патонг ҳудудида юзага келган. 26 октябрга ўтар кечаси тоғ ёнбағирларидан сув, лой ва тошлар оқиб тушиб, уйлар, дўконлар ва автомобилларга зарар етказган. Патонг пляжи яқинидаги Нанаи ҳудудида йўллар ва турар жойлар тош ҳамда чиқиндиларга тўлган.
Маҳаллий ҳокимият зарар кўрган ҳудудларни тозалаш ва аҳолига ёрдам бериш ишларини бошлаган. Патонгда вақтинчалик бошпана ҳам ташкил этилган.
The Nation нашри айрим меҳмонхоналар ва биноларнинг қуйи қисмларини сув босгани ҳақида хабар берган. Бироқ Россия туроператорлари ассоциацияси (ATOR) меҳмонхоналарга жиддий зарар етмагани, россиялик сайёҳлар орасида жабрланганлар ҳақида маълумот йўқлигини билдирган. Ҳозирча сайёҳларни бошқа жойга кўчириш бўйича мурожаатлар ҳам келиб тушмаган.
ATOR маълумотига кўра, оролнинг айрим ҳудудларида сув сатҳи аллақачон пасайган. Фавқулодда хизматлар ва коммунал ходимлар кўчалардаги лой, тош ва чиқиндиларни тозалаб, зарар кўрган аҳолига ёрдам бермоқда.
Таиланд метеорология хизмати мамлакат жанубида кучли ёмғирлар чоршанбагача давом этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.








