АҚШ Эронга қарши янги зарбаларга тайёрланмоқда — WSJ
Янги ҳарбий кампания Теҳроннинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш ва уни музокараларга қайтаришга қаратилиши мумкин.

АҚШ расмийлари Форс кўрфазидаги бир нечта араб давлатларини 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Конгресс сайловларидан кейин Эронга қарши қисқа, аммо шиддатли ҳарбий кампания бошланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабардор манбаларга таяниб ёзди.
Операциянинг мақсади Теҳроннинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш ва Эрон раҳбариятини музокаралар столига қайтаришдан иборат бўлиши мумкин.
Хабарга кўра, АҚШ ҳарбийлари минтақадаги тайёргарликни кучайтирмоқда. Техасдан Исроилга қўшимча Патриот ҳаво мудофаа тизими юборилмоқда, айрим ҳарбий хизматчилар заиф базалардан олиб чиқилган. Шунингдек, минтақадаги АҚШ кучлари ўқ-дорилар захирасини тўлдирмоқда, бомбардимончи ва қирувчи самолётлар эҳтимолий зарбаларга тайёрланмоқда.
The Wall Street Journal Жоурнал маълумотига кўра, Дональд Трамп Эронга қарши янги операция бўйича якуний қарор қабул қилмаган. Бироқ у сайловлардан кейин Эрон инфратузилмаси ва ядровий объектларига зарбалар бериш вариантига мойил экани айтилмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар ўрнига дипломатик келишувга эришиш имконияти ҳам сақланиб қолмоқда.
Эрон эса янги ҳужум юз берган тақдирда минтақадаги иқтисодий ва фуқаролик инфратузилмаларига зарба бериш билан жавоб қайтариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Шу сабабли янги ҳарбий кампания минтақадаги можаронинг янада кескинлашишига олиб келиши эҳтимоли бор.








