Чет элда ишлаш учун камида 18 ёшга тўлиш керак: Тожикистонда янги қонун кучга кирди
Янги талаб мамлакат фуқаролари ва Тожикистонга ишлаш учун келадиган хорижликларга ҳам тегишли.

Тожикистонда фуқароларнинг чет элга ишлаш учун чиқишига доир минимал ёш талаби жорий этилди. Янги қонунга кўра, Тожикистон фуқаролари меҳнат миграциясига фақат 18 ёшга тўлганидан кейин бориши мумкин.
Тегишли талаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон 21 октябрь куни имзолаган янги “Миграция тўғрисида”ги қонунда белгиланган. Ҳужжат парламентнинг “Sadoi Mardum” газетасида эълон қилинган.
Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, меҳнат миграциясига мигрантларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинадиган давлатларга рухсат этилади. Бундай ҳимоя Тожикистон ва қабул қилувчи мамлакатлар ўртасидаги халқаро ҳамда икки томонлама шартномалар билан таъминланиши мумкин.
18 ёшга тўлиш талаби Тожикистонга ишлаш учун келадиган хорижий фуқароларга ҳам татбиқ этилади.
Янги қонун Тожикистон фуқароларининг хорижда иш топиши учун иккита асосий йўлни назарда тутади: мустақил равишда иш қидириш ёки ваколатли агентликлар ва бошқа ташкилотлар орқали уюшган ҳолда ишга жойлашиш.
Мустақил иш қидираётган фуқароларга миграция соҳасидаги ваколатли давлат органи бепул маълумот тақдим этиши шарт. Бунда бўш иш ўринлари, иш ҳақи, меҳнат шароитлари, иш берувчининг талаблари, шунингдек, бориладиган мамлакатнинг қонун-қоидалари ҳақида ахборот берилади.
Янги қонунда хорижда вафот этган Тожикистон фуқароларининг жасадларини ватанга қайтаришга давлат органлари кўмаклашиши ҳам белгиланган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда қарийб 350 минг Тожикистон фуқароси меҳнат мигранти ҳисобланади. Уларнинг аксарияти Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ мамлакатларида ишлайди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2025 йилда мигрантлар пул ўтказмалари Тожикистон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 46 фоизини ташкил этиши кутилган.








