“Дунё ишонч инқирози даврига кирди” — Тоқаев
Қозоғистон президенти халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти пасайиши ва БМТ обрўси билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратди.

Қосим-Жомарт Тоқаев дунёда глобал қарама-қаршиликлар кучайиб, йирик давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч инқирози чуқурлашаётганини билдирди. Бу ҳақда у мамлакат халқига йўллаган йиллик мурожаатида маълум қилди, деб хабар берди Kazinform.
Давлат раҳбарининг айтишича, бугунги кунда давлатлар ўртасида ўзаро айбловлар ва яширин қарама-қаршиликлар кучаймоқда. Шу билан бирга, халқаро ҳуқуқнинг аҳамияти пасайиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг обрўси билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда.
Тоқаев назоратсиз миграция оқимлари ҳам ортиб бораётганини қайд этиб, бу ҳолат айрим Европа мамлакатлари хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатганини таъкидлади.
“Бугунги кунда давлатлар ўртасида асоссиз ўзаро айбловлар ва яширин қарама-қаршиликлар кучайиб бормоқда, йирик ва нуфузли кучлар ўртасида чуқур ўзаро ишонч инқирози юзага келди”, — деди Қозоғистон президенти.
Унинг фикрича, замонавий дунё ноаниқлик ва беқарорлик даврига кирган. Тоқаев ҳозирги халқаро вазиятни мураккаб ва олдиндан айтиш қийин бўлган ҳолат сифатида таърифлаб, ҳатто Совуқ уруш даврида ҳам бундай вазият кузатилмаганини айтган.
Шунингдек, президент Қозоғистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар ҳали тўлиқ ҳал этилмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакат олдидаги муаммоларни ҳал қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва тараққиётга эришиш учун жамият бирлиги муҳим аҳамиятга эга.
“Бирлик ва келишувсиз ҳеч қандай ислоҳотлар ёки тараққиёт бўлмаслиги мутлақо аниқ”, — деди Тоқаев.








