Тошкент ҳавоси “носоғлом” деб баҳоланди: 30 та қурилиш компанияси огоҳлантирилди
Ҳаво ифлосланишига қарши чоралар кучайтирилди.

Тошкентда ҳаво сифатини назорат қилиш давом этмоқда. 28 октябрь куни соат 22:00 ҳолатига кўра, пойтахтдаги ҳаво сифати «носоғлом» деб баҳоланган.
Мутахассислар буни кечаси юзага келган кучли ҳарорат инверсияси, қуруқ ҳаво ва ёғингарчилик бўлмагани билан изоҳлаган. Енгил шамол ҳам маҳаллий чиқиндиларнинг шаҳар атмосферасида тўпланишига шароит яратган.
Вазиятни яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва Тошкент шаҳрига асосий кўчалар ҳамда йўл четларидаги қум ва чангни тозалаш, шунингдек, мавжуд фавворалар фаолиятини таъминлаш топширилган.
Бундан ташқари, 30 та йирик қурилиш компаниясига чанг ва қум зарраларининг ҳавога тарқалишини камайтириш бўйича огоҳлантириш берилган. Тошкент ва унинг атрофидаги еттита иссиқлик электр станцияси ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 131 та йирик иқтисодий субъектдан атмосферага чиқариладиган ифлослантирувчи моддалар миқдорини икки баравар камайтириш талаб қилинган.
Махсус кўчма лаборатория корхоналардан атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини кузатиб боради.
Мутахассислар ҳаво сифати ёмонлашган даврда болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, шунингдек, юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари бор кишиларга узоқ вақт очиқ ҳавода бўлмаслик, жисмоний фаолликни чеклаш ва ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тавсия этмоқда.








