Европа Иттифоқи ёқилғи танқислигига тайёрланмоқда: ҳарбий захиралардан фойдаланилиши мумкин
Еврокомиссар Андриус Кубилюс инқироз шароитида ёқилғи ишлаб чиқаришни тез ошириш ва зарур захираларни шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.

Европа Иттифоқи эҳтимолий ҳарбий можаро шароитида нефтни қайта ишлаш заводлари фаолиятини таъминлаш ва ёқилғи тақчиллигининг олдини олиш учун ҳарбий захиралардан фойдаланиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Европа комиссиясининг мудофаа ва космос масалалари бўйича комиссари Андриус Кубилюс маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинган тақдирда, ёқилғининг катта захираларига эҳтиёж туғилиши мумкин. Ҳарбий захираларнинг аниқ ҳажми эса ошкор этилмайди.
Кубилюснинг таъкидлашича, нефтни қайта ишлаш заводларини қўллаб-қувватлаш ёқилғи нархларини барқарорлаштириш, Европа хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодиёт фаолиятининг узлуксиз давом этишида муҳим аҳамиятга эга.
Еврокомиссар ушбу масалани Шимолий Атлантика кенгаши ҳамда НАТО бош котиби Марк Рютте билан муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Кубилюснинг билдиришича, тинчлик даврида ҳарбий эҳтиёжлар учун ёқилғи истеъмоли умумий ҳажмнинг тахминан 8 фоизини ташкил этади. Ҳарбий инқироз юзага келганида эса бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши мумкин. Шу боис Европа Иттифоқи тинчлик даврида авиация ёқилғиси етарли бўлишини таъминлаш билан бирга, ҳарбий инқироз шароитида ёқилғи ишлаб чиқаришни тез суръатларда ошириш ва етарли захираларни шакллантириш имконини берувчи тизимни яратишни кўзламоқда.








