Саудия Арабистони Туркияга ўз ҳудудида ҳарбий база қуришни таклиф қилди — Hurriyet
Бу база Туркиянинг Қатардаги ҳарбий иншоотига ўхшаш бўлиши мумкин.

Саудия Арабистони Туркияга ўз ҳудудида ҳарбий база ташкил этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Hurriyet газетаси хабар берди.
Қатардаги Туркия ҳарбий базаси 2015 йилдан буён икки томонлама келишув асосида фаолият юритади. Очиқ манбаларга кўра, у ерда тахминан 3 минг нафар турк ҳарбий хизматчиси жойлашган. База Қатар Қуролли Кучлари билан қўшма машғулотлар ўтказиш ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш учун ҳам фойдаланилади.
Hurriyet ёзишича, Саудия Арабистонида база ташкил этиш масаласи Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасидаги ўзаро мудофаа келишуви Туркия парламенти томонидан ратификация қилинганидан кейин кўриб чиқилиши мумкин. Ҳужжат парламентнинг Ташқи ишлар қўмитасида маъқулланган, энди эса парламент тасдиғига муҳтож. Хорижда турк ҳарбийларини жойлаштириш учун парламент рухсати ва базани ташкил этишга оид алоҳида ҳужжат талаб қилиниши мумкин.
Газетанинг қайд этишича, Туркия янги хавфсизлик концепцияси доирасида Африка ва Осиё каби минтақаларда ҳарбий иштирокини кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бунда икки томонлама келишувлар ва турли иттифоқлар доирасидаги ҳамкорликка таяниш режалаштирилмоқда.
Hurriyet бу жараённи АҚШнинг 2027–2028 йилларда Яқин Шарқдаги бевосита ҳарбий иштирокини камайтириш режалари билан ҳам боғлайди. Нашрга кўра, Туркия ўз ҳарбий салоҳиятидан нафақат мамлакат чегараларини ҳимоя қилиш, балки манфаатдор бўлган ҳудудларда хавфсизлик ва дипломатик таъсирини кучайтириш учун ҳам фойдаланишни кўзламоқда.
Газета маълумотига кўра, Туркиянинг 12 мамлакатда ҳарбий базалари мавжуд. Уларнинг энг йириги Шимолий Кипр Турк Республикасида жойлашган бўлиб, у ерда 30 мингдан ортиқ турк аскари бор. Туркиянинг Қатар, Ироқ, Сурия, Сомали ва Ливияда ҳам ҳарбий базалари мавжуд.








