“Қуёшли хонадон” дастури: фуқароларга 642 млрд сўмдан ортиқ субсидия тўланди
Энг кўп маблағ Бухоро ва Хоразм вилоятларига тўғри келган.

2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида «Қуёшли хонадон» дастури доирасида 70,7 минг нафар фуқарога давлат бюджетидан 642 млрд 112,1 млн сўм субсидия ажратилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, маблағлар хонадонларига қуёш панелларини ўрнатиб, ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона электр энергетика тизимига узатган фуқароларга тўланган.
Субсидиянинг энг катта қисми қуйидаги ҳудудлар ҳиссасига тўғри келган:
-
Бухоро вилояти — 116,7 млрд сўм;
-
Хоразм вилояти — 115,3 млрд сўм;
-
Қашқадарё вилояти — 72,6 млрд сўм.
Фуқаролар тўпланган субсидияни «Солиқ» мобил иловасидаги «Кешбек ва имтиёзлар» хизматининг «Қуёшли хонадон» бўлими орқали банк картасига ўтказиб олишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб «Қуёшли хонадон» дастури доирасида хонадонига қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга тармоққа узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соати учун 1 000 сўмдан субсидия бериш белгиланган.








