Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш беш баравар кўпайди — БМТ
Ҳозир мамлакатнинг 34 та вилоятидан 16 тасида кўкнори етиштирилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш бир йил ичида беш баравар ошиб, қарийб 1,5 минг тоннага етди.
Ҳисоботда қайд этилишича, афюн кўкнори етиштириладиган майдонлар ҳам кескин кенгайган. 2025 йилда қарийб 10 минг гектарни ташкил этган экин майдонлари 2026 йилда 43 минг гектардан ошган. Бу 330 фоизлик ўсишни англатади.
Бу 2022 йилда Толибон томонидан афюн кўкнори етиштириш тақиқланганидан кейинги ишлаб чиқариш ҳажмидаги илк сезиларли ўсиш ҳисобланади. Шунга қарамай, ҳозирги кўрсаткичлар тақиқдан олдинги даражадан анча паст. Ўша пайтда кўкнори тахминан 232 минг гектар майдонда етиштирилган, Афғонистон эса дунёдаги афюн таъминотининг қарийб 80 фоизини ташкил этган.
UNODC маълумотларига кўра, айрим фермерлар тақиқни четлаб ўтиш учун кўкнори экинларини ғалла майдонлари орасида ёки девор билан ўралган ҳовлиларда етиштирмоқда. Бошқалар эса экиш ва ҳосил йиғиш вақтларини ўзгартириб, экинларни аниқлашни қийинлаштирмоқда.
Ҳозирда Афғонистоннинг 34 та вилоятидан 16 тасида кўкнори етиштирилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан бешта вилоятга кўп. Етиштиришнинг асосий қисми мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудларига тўғри келмоқда. Аввал асосий экин майдонлари жануби-ғарбда жойлашган эди.
Афюннинг бир килограмми нархи ҳам пасайган: ўтган йили 570 доллар бўлган нарх ҳозир 500 долларни ташкил этмоқда. Бироқ бу кўрсаткич тақиқдан олдинги 100 доллардан паст нархларга нисбатан анча юқори.
БМТ мутахассислари ҳудудлар ўртасидаги нархлар фарқи афюннинг мамлакат шимоли-шарқидан жануби-ғарбига ноқонуний олиб ўтилишини рағбатлантириши мумкинлигини қайд этган.








