Макка ҳудудида дрон уриб туширилди: томонлар баёнотлари бир-бирига зид
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция дрон Яман ҳудудидан учирилганини билдирди, ҳусийлар эса ҳужумга алоқадорлигини рад этди.

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси 30 октябрь куни мамлакатнинг ғарбий қисмида, Макка яқинида учувчисиз учиш аппарати уриб туширилганини маълум қилди.
Коалиция вакили, генерал-майор Турки ал-Малики X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида кучлар Яман ҳудудидан ҳусийлар томонидан учирилган дронни тутиб, йўқ қилганини билдирди.
Бироқ ҳусийлар ҳаракати вакили Яҳё Сари ҳужумга алоқадорликни рад этди. Унинг таъкидлашича, ҳаракат кучлари 30 октябрь куни Саудия Арабистонига зарба беришга уринмаган. Сари ҳусийларнинг ҳарбий операциялари қиролликнинг нефть иншоотлари ва ҳарбий базаларига қаратилганини, Макка эса нишон бўлмаганини айтган.
Саудия Арабистони Яман ҳукумат кучларини қўллаб-қувватлаётган араб давлатлари коалициясига бошчилик қилади. Коалиция ҳусийларга қарши курашаётган ҳукумат кучларига ҳарбий ёрдам кўрсатиб, уларнинг позицияларига ҳаво зарбалари беради. Ҳусийлар эса бунга жавобан Саудия Арабистони инфратузилмасига қарши операциялар ўтказиб келмоқда.








