Нукусдаги 22 та газ қуйиш шохобчаси жаримага тортилди: нархлар бир вақтда оширилган
Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида шохобчаларда сиқилган газ нархлари ўрганилган.

Рақобат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритувчи 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасига рақобатга қарши келишилган ҳаракатлар учун молиявий жарима қўллади.
Маълум қилинишича, қўмитага келиб тушган мурожаат асосида шохобчаларда сиқилган газ нархлари ўрганилган. Текширув давомида уларнинг барчасида 1 куб метр газ маҳсулоти бир вақтда амалдаги нархга нисбатан ўртача 1 050 сўмгача қимматлаштириб сотилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талаблари бузилгани бўйича иш қўзғатилган. Махсус комиссия ишни кўриб чиқиб, шохобчаларга молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилган. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Қўмита маълумотига кўра, қарордан норози бўлган 9 та тадбиркорлик субъекти судга мурожаат қилган. Суд томонидан қўмита қарорларининг қонунийлиги тасдиқланган.
Рақобат қўмитаси ички бозорда фаолият юритувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида рақобатга қарши келишилган ҳаракатларни аниқлаш бўйича мониторинг тадбирларини давом эттиришини билдирган.








