Хазон ёқишнинг оқибати: табиатга зарар етказганлар жаримага тортилади
Экология қўмитаси фермер ва деҳқонларни ўсимлик қолдиқларини ёқмасликка чақирди.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фермерлар, деҳқонлар ва ер эгаларини дала майдонларида хазон, анғиз, шох-шабба ҳамда бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқмасликка чақирди.
Қўмита маълумотига кўра, ўсимлик қолдиқларини ёқиш жараёнида атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксидлари, бенз(а)пирен, диоксин, дибензофуран, олтингугурт оксиди ва фосген каби заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Бу моддалар атроф-муҳит ва инсон саломатлигига жиддий зарар етказади.
Бундан ташқари, юқори ҳарорат таъсирида тупроқ таркибидаги макро ва микроэлементлар йўқолиб, унинг унумдорлиги пасаяди.
Дала майдонларига ўт қўйиш қонунчилик билан тақиқланган. Бундай ҳуқуқбузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача жарима белгиланиши мумкин. Ёнғин оқибатида экин майдонларига етказилган зарар учун ҳам амалдаги тартибда иқтисодий чоралар қўлланади.
Шунингдек, «Ўзбеккосмос» агентлиги давлат космик мониторинги доирасида сомонпояларни ёқиш ҳолатларини аниқлаш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан тезкор чоралар кўриш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.
Мутасаддилар ўсимлик қолдиқларини ёқиш ўрнига улардан компост тайёрлаш, мулчалаш ёки чорвачилик эҳтиёжлари учун фойдаланишни тавсия қилмоқда.








