“Инсон ўз касбини пухта эгалласин, ўз қадрини билсин, ўз юртига таяна олсин” — Президент
Президент хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни юқори даромадли иш ўринларига тайёрлашда ҳокимлар, элчилар ва техникумлар ҳамкорлигини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда жаҳон меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни тайёрлаш ва уларни муносиб иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 168 миллион киши хорижий меҳнат миграциясида. Ўзбекистонда ҳам чет элда ишлаш истагидаги фуқаролар бор, бошқа давлатларда эса ишчи кучига талаб юқори. Ушбу икки имкониятни ўзаро боғлаш соҳа мутасаддилари ва ҳудудлар раҳбарлари олдидаги асосий вазифа экани қайд этилди.
“Инсон ўз касбини пухта эгалласин, ўз қадрини билсин, ўз юртига таяна олсин!” — деди Президент.
Йиғилишда сўнгги йилларда тартибли меҳнат миграцияси йўналишида ҳамкорлик қилинаётган давлатлар сони 3 тадан 27 тага етгани, йирик хорижий иш берувчилар сони эса қарийб 400 тага кўпайгани таъкидланди.
Шунингдек, чет элда ишлаётган юртдошлар сони сўнгги ўн йилда икки баравар камайгани, уларнинг оилаларига юбораётган пул ўтказмалари эса тўрт баравар ошгани қайд этилди. Бу халқаро меҳнат бозорида ўзбекистонликларга муносабат ўзгариб, фуқаролар хорижга малакали мутахассис сифатида бораётганини кўрсатиши таъкидланди.
Айни пайтда ҳудудлар кесимида пул ўтказмалари миқдорида сезиларли тафовут бор. Хорижда ишлаётган бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик пул ўтказмаси Фарғонада 1 850 долларни ташкил этади. Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 400 долларга, Сирдарёда 500 долларга, Жиззах ва Навоийда 600 долларга, Сурхондарё ҳамда Хоразмда эса 700 долларга ҳам етмайди.
Шу муносабат билан ҳокимлар, элчилар ва техникум раҳбарларига фуқароларни юқори даромадли ишларга тайёрлаш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент хориждаги меҳнат бозорларига чиқишда элчилар, ҳокимлар ва техникумлар ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Германия, Туркия, Словакия ва Қатарда хорижий ҳамкорларни техникумлар билан боғлаш ҳамда юртдошларни ишга жойлаштириш бўйича ижобий тажрибалар борлиги қайд этилди. Бироқ бошқа мамлакатлардаги элчиларнинг бу борадаги ишлари суст экани танқид қилинди.








