Мобил радарлар яширин ишлаши мумкин: ҳайдовчиларни олдиндан огоҳлантириш талаби бекор қилинди
Эндиликда бу талаб фақат стационар радарларга нисбатан амал қилади.

Ўзбекистонда автомобил йўлларида мобил радарлар жойлашгани ҳақида ҳайдовчиларни махсус йўл белгилари орқали олдиндан огоҳлантириш талаби бекор қилинди. Эндиликда ушбу талаб фақат стационар радарларга нисбатан қўлланилади.
Ҳукуматнинг 2026 йил 29 октябрдаги қарори билан тегишли тартибга ўзгартириш киритилди. Ҳужжат 30 октябрдан кучга кирган.
Аввал амалда бўлган тартибга кўра, тезликни назорат қилувчи стационар ва мобил радарлар жойлашган ҳудудда, шунингдек, уларгача 250–500 метр масофада “Радар” йўл белгисини ўрнатиш мажбурий эди.
Янги қарорга мувофиқ, мазкур талаб эндиликда фақат стационар радарлар учун сақланиб қолади.
Шунингдек, ҳужжат билан 2026 йил 1 ноябрдан тадбиркорлар томонидан ўрнатилган махсус фото ва видео қайд этиш воситалари орқали хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини қайд этишга рухсат берилди.








