Россия Гана фуқароларини Украинадаги урушга ёлламайди: Путин ваъда берди
Гана фуқаролари шахсий ташаббуси билан ҳам урушга бора олмайди.

Россия президенти Владимир Путин Гана фуқароларини Украина билан урушга жалб қилишни тақиқлашга ваъда берди. Бу ҳақда Гана ташқи ишлар вазири Самуэл Окудзето Аблаква маълум қилди, дея ёзмоқда DW.
Унинг сўзларига кўра, Путин Россия-Африка учинчи саммити якунлари бўйича Кремлида Гана президенти Жон Драмани Маҳама билан учрашувда тегишли ваъдани берган. Тақиқ ноқонуний ёллаш ҳолатлари билан бирга, фуқароларнинг ўз ташаббуси билан урушда қатнашишига ҳам тааллуқли бўлади.
Аввалроқ БМТнинг Украинадаги уруш жиноятларини тергов қилувчи мустақил халқаро комиссияси Россияни хорижлик ёлланма жангчиларни алдов йўли билан фронтга юбориш орқали одам савдоси билан шуғулланишда айблаган эди.
Киевнинг сўнгги маълумотларига кўра, Россия 135 та давлатдан 28 мингдан ортиқ хорижликни ўз армиясига ёллаган. Уларнинг 5 мингдан ортиғи урушда ҳалок бўлган. Украинада камида 213 нафар хорижлик ҳарбий асир сифатида сақланмоқда. Уларнинг 37 нафари Африка давлатлари фуқароларидир.
Маълумот учун, 2026 йил февраль ойида «Важные истории» нашри ганалик Кельвин Эджире ҳақида ёзган эди. У дастлаб Россия армиясида хизмат қилган, кейинчалик эса ўз ватандошларини Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишга тарғиб қилган.








