“Ҳаммаси Америка томонига боғлиқ”: Эрон икки кун ичида сулҳга келишишга тайёр
Ароқчининг айтишича, натижа Америка томонининг жавобларига боғлиқ.

Эрон АҚШ билан сулҳга эришиш бўйича таклифини икки кун ичида амалга ошириш мумкинлигини маълум қилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий етти банддан иборат дастлабки режа қисқартирилганини айтди.
Al Jazeera нашрининг хабар беришича, Бақоий Эрон талаблари бажарилган тақдирда Ҳурмуз бўғозида хавфсизликни тиклаш ва музокараларни имкон қадар тезроқ бошлаш мумкинлигини таъкидлаган.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ҳам икки кунлик режа юзасидан маслаҳатлашувлар воситачилар орқали давом этаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳали якуний қарор қабул қилинмаган ва натижа АҚШнинг Эрон саволларига берадиган жавобларига боғлиқ.
Ароқчининг қайд этишича, сўнгги ҳафталарда Қатар воситачилигида ҳам музокаралар олиб борилган. Эрон томони Вашингтон дипломатияни бошқа йўллардан устун қўйишига умид қилмоқда.
Маълумот учун, сентябрь ойи охирида Теҳрон АҚШга Ҳурмуз бўғозида кема қатновини тиклаш ва кенгроқ музокараларни қайта бошлаш бўйича етти банддан иборат режа таклиф қилган эди. Таклиф воситачилар орқали етказилган, бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп уни рад этган.








