Россия Запарожжяга авиабомба ташлади: 24 киши ҳалок бўлди
Вилоятнинг Комишеваха қишлоғидаги гуманитар ёрдам тарқатиш маркази ва бошпанага зарба берилди.

Россия қўшинларининг Украина жанубидаги Запорожжя вилояти Комишеваха қишлоғига уюштирган ҳаво ҳужуми оқибатида 24 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълум қилди, дея хабар берди AP.
Украина президенти Володимир Зеленскийнинг билдиришича, ҳудудга 10 та бошқариладиган авиабомба ташланган. Нишонга гуманитар ёрдам тарқатиладиган мактаб биноси ва унинг ёнидаги бошпана олинган. Зеленский ҳужумни Россиянинг кескинликни пасайтириш ниятида эмаслигининг яна бир далили деб атади.
Ҳужум Херсон вилоятида чекланган ўт очишни тўхтатиш келишуви муддати тугаган куни содир бўлган. Ушбу келишув Россия босиб олган ҳудудлардаги фронтолди минтақаларига гуманитар ёрдам етказиш ва аҳолини эвакуация қилиш имконини берган эди.
Шунингдек, Украина расмийлари душанба куни мамлакат ҳудудига Россия томонидан бир нечта дрон ҳужумлари уюштирилганини билдирган.
Бундан ташқари, Украина ва Россия аҳолиси давлатнинг фавқулодда вазиятлар бўйича мобил иловалари бузилиши оқибатида сохта огоҳлантиришлар олган. Украинада улар орасида ядровий таҳдид ҳақидаги хабар ҳам бўлган. Украина томони ўз иловаси қайта ишга туширилганини, Россия эса тизимни тиклаш ишлари давом этаётганини маълум қилган.








