Бухоро ва Самарқанд орасидаги йўл 1,5 соатга қисқариши кутилмоқда
Вилоятда 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
“Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз”, — деди давлат раҳбари.
Йиғилишда дастлаб ичимлик суви ва оқова сув тармоқларини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди. Бу йўналишда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига қўшимча 248 миллион доллар жалб қилинади.
Натижада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Президент одамлар бу ўзгаришларни кутаётганини таъкидлаб, масъулларга лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, вилоят транспорт инфратузилмасини яхшилаш режалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда Бухоро орқали ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади.
Келаси йили М-37 автомобиль йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 69 километрлик қисмини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик айланма йўл ҳам қурилади.
Бундан ташқари, Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Ушбу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси қурилиши ҳам кўзда тутилган.
Давлат раҳбари мутасаддиларга автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш ҳамда ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқлар берди.








