Бухорода аҳолининг 80 фоизи автомобилда қатнайди: қўшимча 120 та автобус олиб келинади
Вилоятда жамоат транспортини ривожлантириш, аэропорт ва вокзаллар атрофидаги хизматлар сифатини ошириш ҳамда янги турар жой массивларини қуриш топширилди.

Бухорода жамоат транспорти етарлича ривожланмагани сабабли аҳолининг 80 фоизи иш, ўқиш ва кундалик юмушларига енгил автомобилда қатнайди. Президент Шавкат Мирзиёев вилоят учун зарур бўлган қўшимча 120 та автобусни олиб келиш ишларини жадаллаштириш вазифасини қўйди.
Йиғилишда туристларнинг Бухоро ҳақидаги дастлабки таассуроти аэропорт ва темир йўл вокзаллари атрофидаги муҳитдан бошланиши таъкидланди. Шу боис, ушбу ҳудудларда хизмат кўрсатиш сифати ва қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, дарахт турларини Бухоронинг иқлими ва тарихий қиёфасига мос танлаш, мавжуд дарахтларни парваришлаш ҳамда йўл бўйларини ободонлаштиришда ягона ёндашувни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Вилоятдаги 55 та маҳалла аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланишни кутаётгани маълум қилинди. Президент масъулларга ушбу маҳаллаларга сув етказиб беришнинг аниқ муддатларини белгилаш ва муаммони ҳал қилишни топширди.
Бундан ташқари, вилоятдаги оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида турар жой массивлари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.








