Бухорода 300 миллион долларлик аэропорт қурилмоқда: у 20 та самолётга хизмат кўрсатади
Келаси йили Бухородан Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайнга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Бухорода халқаро стандартларга мувофиқ, қиймати 300 миллион доллар бўлган янги аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрлик автомобиль йўли барпо этилади. Шунингдек, автобуслар учун 5,5 километрлик БРТ йўлагини ташкил этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифасини қўйди. Янги инфратузилма Бухорога келувчилар учун қулайлик яратиши ва ҳудуднинг транспорт имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Туркиянинг «Пегасус» авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўймоқда. Келаси йили Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш топширилди.
Йиғилишда туризм хизматлари ва сайёҳлар учун янги йўналишларни кўпайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида бу кўрсаткични икки баравар ошириш мақсад қилинган.
Шу мақсадда Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш режалаштирилган.
Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.
Жалол Икромий маҳалласида халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Унинг ёнида «Ҳилтон» ва “Ҳолидай Инн” брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, саккизта марказий кўча миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида янгиланади, олтита хиёбон бунёд этилади.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластерини барпо этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4–5 кунгача узайтириш имконини бериши кутилмоқда.








