Фаррошларнинг ойлиги берилмаяптими? Метрополитен изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенида ишловчи фаррошларнинг ойлик маошлари кечиктирилаётгани ёки умуман берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент метрополитени” АЖда ишловчи фаррошларнинг ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаётгани ёки умуман берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Тошкент метрополитени” АЖ мазкур даъволар ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилди. Жамият маъмурияти ходимларга, жумладан, фаррошларга ҳисобланган иш ҳақлари ҳар ойнинг бошида белгиланган тартибда мунтазам тўлаб келинаётганини билдирди.
Қайд этилишича, 2021 йилда метрополитен ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,8 миллион сўм бўлган. Бугунги кунда бу кўрсаткич 8,4 миллион сўмга етган. Шунингдек, 2026 йил давомида ходимларнинг ўртача ойлиги яна 20 фоизга оширилган.
Фаррош ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи эса 2021 йилда 1 миллион сўм атрофида бўлган. Ҳозирда меҳнат стажи ва шароитларига қараб, ушбу тоифадаги ходимлар ойига ўртача 6–7 миллион сўмгача маош олмоқда.
Жамият ижтимоий тармоқ фаоллари ва саҳифа маъмурларини текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка, тахмин ва бирёқлама хулосалар ўрнига аниқ фактларга таянишга чақирди.
Шунингдек, ташкилотнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон маълумотлар тарқатилган ҳолатларда қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилиши мумкинлигини эслатди. Метрополитен маъмурияти даъволар юзасидан асосли далиллар бўлса, уларни очиқ мулоқот доирасида кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.








