Тошкентда иссиқ сув нега лойқаланди? Veolia изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда айрим хонадонларга жигарранг тусли иссиқ сув келаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

4 ноябрь куни Тошкентдаги айрим хонадонларга жигарранг тусли иссиқ сув келаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда фото ва видеолар тарқалди. Veolia Energy Tashkent ҳолат юзасидан изоҳ бериб, сув рангининг ўзгаришини иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан боғлади.
Компания маълумотига кўра, айни пайтда магистрал тармоқларда сув айланиш тизими созланмоқда. Босим ўзгариши ва сув оқимининг йўлга қўйилиши натижасида қувурлар деворларида ёз давомида тўпланган табиий чўкиндилар ювилиб чиқмоқда.
Шу сабабли айрим хонадонларда, хусусан, Мирзо Улуғбек туманининг Қорасув, Феруза, Яланғоч ва бошқа мавзелерда сув рангининг вақтинча ўзгариши ёки ёқимсиз ҳид пайдо бўлиши мумкин.
Veolia ҳозирда магистрал тармоқларнинг асосий тугунларида турғун сувни чиқариб юбориш ва тармоқнинг айрим қисмларини ювиш ишларини олиб бормоқда.
Компания лойқа сув келаётган хонадонлар аҳолисидан уни мустақил равишда оқизиб юбормасликни сўради. Бунинг ўрнига Telegram бот орқали туман, мавзе ва уй рақамини кўрсатган ҳолда мурожаат юбориш тавсия этилди. Мурожаатлар диспетчерларга йўналтирилиб, мутахассислар тегишли қувур қисмини ювиш учун юборилади.
Veolia юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраб, тизимни меъёрий ҳолатга қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.








