Наркодўконнинг “закладчик” ва омборчиси ушланди: улар ижарага олинган хонадонда нарколаборатория ташкил этган
Тезкор тадбирда қарийб 6 килограмм гиёҳвандлик воситаси ва уларни тайёрлаш жиҳозлари олиб қўйилди.

Республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг учинчи босқичи доирасида Тошкент шаҳрида нарколаборатория фош этилди. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида жами 6 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари ва уларни тайёрлашда ишлатиладиган жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда 2002 йилда туғилган, интернетдаги наркодўконда «закладчик» сифатида фаолият юритган шахс аниқланган.
У Яшнобод туманида тўхтатиб текширилганда, ёнидан тарқатиш учун мўлжалланган 58 ўрамдаги 74 грамм гашиш мойи топилган. Тезкор-суриштирув ишлари давомида у гиёҳвандлик воситаларини мунтазам равишда шу йили туғилган наркодўкон омборчисидан олиб тургани аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбирлар Чилонзор тумани, Дўмбробод маҳалласида давом эттирилган. Наркодўкон омборчиси ижарага олинган хонадонда нарколаборатория ташкил этгани маълум бўлган.
Хонадондан 3,5 килограмм гашиш мойи, тарқатишга тайёрланган 361 ўрамдаги жами 350 грамм гашиш мойи, гашиш ва гашиш мойи аралашмаси, 600 грамм гашиш, 1,5 килограмм гашиш мойидан тайёрланган печеньелар ҳамда гашиш мойи мармеладлари топилган.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва қадоқлашда ишлатиладиган қўлқоп, шприц, зип-пакет, тарози, изолента, 500 та бўш флакон ва бошқа жиҳозлар ҳам ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Идора маълумотига кўра, олиб қўйилган гиёҳвандлик воситаларининг умумий қиймати 19 250 долларга баҳоланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ички ишлар вазирлиги шубҳали шахслар ёки уларнинг фаолияти ҳақида маълумотга эга фуқаролардан Telegram мессенжеридаги «Stopnarkotik» ботига мурожаат қилишни сўради. Республика бўйлаб гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар давом эттирилмоқда.








