Учтепадаги чақнаш сабаблари ўрганилмоқда: прокуратура текширув олиб бормоқда
Ҳодисада бир киши жароҳатланган эди.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган кўп қаватли уй хонадонларидан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ҳолати юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари, газ таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар ҳамда ҳодисанинг бошқа тафсилотлари тегишли мутасадди идоралар томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрь куни соат 10:00 да Тошкент шаҳри Учтепа тумани Чилонзор-23 даҳасидаги кўп қаватли уй хонадонларидан бирида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган эди.
Ҳодиса оқибатида қўшни хонадоннинг эшик ва деразаларига қисман зарар етган, бир нафар фуқаро тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Воқеа натижасида ҳалок бўлганлар йўқ.








