Ўзбекистон пахтачилигида тарихий рекорд: илк бор 5 млн тоннадан ортиқ ҳосил етиштирилди
Ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси ёрдамида йиғиб олинган.

2026 йилда Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси етиштирилиб, тарихий натижага эришилди. Сўнгги йилларда мамлакатда пахта ҳосилдорлиги ҳам сезиларли даражада ошди.
Маълумотларга кўра, пахта ҳосилдорлиги сўнгги йилларда гектарига 21 центнердан 56 центнерга етган. Жорий йилда қарийб 400 минг гектар майдонда ўртача ҳосилдорлик 70 центнерни ташкил этган. Салкам 70 минг гектарда эса ҳар гектардан 100–110 центнергача ҳосил олинган.
Бу натижага эришишда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг кучайтирилиши, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос серҳосил навлар ҳамда замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш муҳим омил бўлган.
Шунингдек, илғор агротехник усуллар, экиш ва парваришлаш технологиялари такомиллаштирилган. Сув тежовчи технологиялар жорий этилиши натижасида пахтачиликда сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки баравар камайган.
Жорий йилда етиштирилган пахта ҳосилининг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ замонавий пахта териш машинаси ёрдамида 30–35 кун ичида йиғиб олинган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялашган терим даражаси 100 фоизга етган.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда фермер хўжаликларининг пахта етиштиришдан оладиган соф фойдаси 13–14 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Келгуси йилда пахта ҳосилдорлигини ўртача 65–70 центнерга етказиш мақсад қилинган. Бунинг учун серҳосил навлар, агродронлар, сув ва энергия тежовчи технологиялар ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш режалаштирилган.








