Газ “заправка”ларига янги талаб: маиший газ баллонларини тўлдирган заправкалар жаримага тортилади
Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги жавобгарлик чоралари белгиланди.

Ҳукумат томонидан 2 ноябрда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тегишли модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёнида ваколатли органлар ва хулоса берувчиларнинг вазифаларини бажаришига мансаб ваколатидан фойдаланиб, қонунга хилоф равишда аралашиш учун жавобгарлик белгиланди.
Бундай ҳаракатлар БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга маиший газ баллонларида бериш БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солинишига сабаб бўлади.
Бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорлари учинчи шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғига ёнғин оқибатида зарар етказилганлиги учун фуқаролик жавобгарлигини ҳамда ушбу объектларни ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш мажбуриятини бажармаса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача жарима солинади.
Бундан ташқари, ёнғин аудитини ўтказишга оид қонунчилик талаб ва шартларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 15 баравари, мансабдор шахсларга эса 30 баравари миқдорида жарима белгиланди.








