Асакада алиментдан қарздор 14 нафар ота қамалди
Сайёр судда 30 нафар отанинг жавобгарлик масаласи кўриб чиқилган.

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Мажбурий ижро бюроси Асака туман бўлими биносида алимент тўловидан бўйин товлаб юрган шахсларнинг жавобгарлик масаласи сайёр судда кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Бюронинг Асака туман бўлими иш юритувида алимент ундируви билан боғлиқ 4,9 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида 34 млрд. сўмдан зиёд алимент пуллари ундирилиб, ундирувчиларга топширилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида фарзандлари моддий таъминотидан бўйин товлаб келган 118 қарздор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Сайёр суд жараёнида алимент тўловига бефарқ бўлган 30 нафар оталарнинг иши жиноят ишлари бўйича Асака туман суди томонидан кўриб чиқилди.
Тадбир давомида фарзандларининг моддий таъминотидан бош тортиб келган 14 нафар қарздорларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси белгиланган бўлса, 1 нафарига жарима тайинланиб, 2 нафар қарздорлар алимент қарзларини тўлиқ тўлаб юборганлиги учун суд залида жавобгарликдан озод этилиб, 7 нафарига зарар суммаларини тўлаш учун муддат берилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 6 нафар қарздорлар оиласи билан ўзаро яраштирилиши таъминланди.







