“Украина бироз бошқача бўлади” — Трамп
АҚШ президенти Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишувидан сўнг Украина келажаги ҳақида гапирди.

Дональд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишуви яқинлашаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, уруш якунланганидан кейин Украина «бироз бошқача ҳолатда» бўлади. Бироқ у бу баёнотига батафсил изоҳ бермаган.
Трамп бу ҳақда CBS News телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
«Мен бу уруш тугашига ишонаман ва у тез орада тугайди. Унинг якунланишининг ягона сабаби мен туфайли бўлади. Менимча, биз бунга эришамиз ва ҳаммаси яхши бўлади», — деган АҚШ президенти.
Унинг фикрича, томонлар ўртасида тинчликка эришиш йўлидаги асосий тўсиқлардан бири Украина президенти Владимир Зеленский ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги келишмовчилик ва ўзаро ишончсизликдир.
Трампнинг баёноти 10–11 ноябрь кунлари Абу-Дабида АҚШ, Россия ва Украина вакиллари иштирокида ўтказилиши режалаштирилган уч томонлама музокаралар арафасида янграган.
Кремль маълумотига кўра, музокараларда хавфсизлик кафолатлари, кескинликни камайтириш ва Украина можаросини ҳал этиш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, гуманитар масалалар ҳамда тинчликка эришиш йўлидаги кейинги қадамлар кўриб чиқилиши кутилмоқда.








