Маст ҳолда рулга ўтиришнинг оқибати: ўзбекистонлик эркак 15 суткага қамалиши мумкин
Шунингдек, Қозоғистонда қўлга олинган эркак 7 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.

Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилар, жумладан, Ўзбекистон фуқароси аниқланди. Бу ҳақда Атирау вилояти полиция департаменти маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари “Хавфсиз шаҳар” тезкор-профилактик тадбири давомида маст ҳолда автомобиль бошқариш билан боғлиқ биринчи ҳолатни аниқлаган.
Иккинчи қоидабузарлик эса «Мигрант» дастури доирасида ўтказилган рейдлар чоғида қайд этилган. Текширувда Ўзбекистон фуқароси автомобилни маст ҳолда бошқараётгани аниқланган.
Ҳар икки ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар тегишли қарор қабул қилиш учун судга юборилган.
Қозоғистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 608-моддасига мувофиқ, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш 15 суткага маъмурий қамоқ ва 7 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.








