5 кг дан ортиқ “опий” савдоси тўхтатилди: икки нафар фуқаро қўлга олинди
Наркотик воситалар уларга Афғонистондаги наркокурерлар томонидан етказиб берилган.

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида 5 кг 362 грамм «опий» моддасини сотаётган икки нафар фуқаро ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Чегара қўшинлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Термиз шаҳрида яшовчи, 1972 ва 1995 йилларда туғилган икки фуқаро жами 5 дона ўрамдаги, умумий оғирлиги 5 кг 362 грамм бўлган «опий» моддасини шартли харидорга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Аниқланишича, гиёҳвандлик воситалари уларга қўшни Афғонистондаги наркокурерлар томонидан етказиб берилган.
Қайд этилишича, гумонланувчилардан бири аввал ўғирлик, иккинчиси эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган.
Ҳолат юзасидан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.








