Тожикистоннинг миллий хавфсизлигига оид ҳужжатлар ўғирланди: хакерлар сунъий интеллектдан фойдаланган
Текширув давомида Ўзбекистоннинг Ўрмон хўжалигида қўлланиладиган Smart Forestry рақамли платформасига кириш излари ҳам аниқланган.

Хакерлар гуруҳи Тожикистоннинг давлат электрон ҳужжат айланиши тизимига кириб, 2 мингдан ортиқ ҳужжатни ўғирлаган. Улар орасида мудофаа ва миллий хавфсизликка оид материаллар ҳам бор. Бу ҳақда Reuters Сингапурнинг CloudSEK киберхавфсизлик компанияси тадқиқотига таяниб хабар берди.
Мутахассислар хакерлар ўз серверларидан бирини хатолик туфайли интернетда очиқ қолдирганидан сўнг киберҳужум изларини аниқлаган. Тадқиқотчилар сервердаги материалларни ўрганиб, ҳужумлар қандай амалга оширилганини тиклашга муваффақ бўлган.
Маълум бўлишича, хакерлар Hermes платформасидан фойдаланган. У мустақил равишда ҳаракатларни режалаштириш, керакли дастурларни ишга тушириш, маълумотларни тўплаш ва ҳисоботлар тайёрлашга қодир автоном сунъий интеллект агентларини яратиш имконини беради.
CloudSEK маълумотларига кўра, Hermes платформасидан киберҳужумларда фойдаланиш тахминан 2026 йил август ойи ўрталарида бошланган. Бир неча ҳафта ўтиб, хакерлар Тожикистоннинг давлат электрон ҳужжат айланиши тизимига кирган. Сунъий интеллект агенти ҳужжатларни юклаб олиш, тизимлаштириш ва кичик қисмларга ажратиш учун махсус дастур яратган. Бу ўғирланган маълумотларни узатишни осонлаштирган. Натижада 2 мингдан ортиқ ҳужжат қўлга киритилган.
Текширув давомида Тожикистон темир йўлларининг компьютер инфратузилмаси ҳамда Ўзбекистон ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган Smart Forestry рақамли платформасига кириш излари ҳам аниқланган.
Бундан ташқари, хакерлар серверида Туркманистон давлат ташкилотларига қарши фишинг ҳужумларини уюштириш учун тайёрланган материаллар топилган. Бироқ мутахассислар ушбу ҳужумлар муваффақиятли амалга оширилганини тасдиқловчи далилларни аниқламаган.
Тадқиқотчилар киберҳужумларни аввалроқ постсовет давлатлари идораларига қарши кибержосуслик амалиётларида кўзга ташланган Silent Lynx гуруҳи билан боғламоқда. Гуруҳнинг Қозоғистонга алоқадорлиги ҳақидаги тахминлар бир нечта билвосита белгига асосланган. Хусусан, хакерлар рус тилидан фойдаланган, уларнинг фаоллик вақти Қозоғистондаги иш соатларига тўғри келган. Шунингдек, серверга уланишда ушбу мамлакат интернет тармоғидан ҳам фойдаланилган.
Шу билан бирга, тадқиқотчилар гуруҳга айнан ким раҳбарлик қилишини аниқлай олмаган. Киберҳужумларга Қозоғистон давлат тузилмаларининг алоқадорлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай далил келтирилмаган.








