Суд қароридан кейин ҳам фоиз ҳисоблаган банклар пулни қайтаради: Марказий банк талаби
Тижорат банклари ноқонуний ундирилган кредит фоизлари ва жарималарни қарз олувчиларга қайтариши шарт.

Ўзбекистонда кредит қарзини ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин банклар қарорида кўрсатилган суммага қўшимча фоиз, жарима ёки пеня ҳисоблашни тўхтатиши керак. Агар ушбу талаб бузилиб, қарз олувчилардан ортиқча маблағ ундирилган бўлса, улар қайтарилиши лозим. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, кредит қарзини ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганидан сўнг, қарорда кўрсатилган ундириладиган суммага фоиз ва жарима (неустойка) ёки пеня ҳисоблаш тўхтатилади.
Марказий банк Банк назорати қўмитасининг қарори билан тижорат банклари кузатув кенгашлари ва бошқарувлари зиммасига ушбу талабга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, банкларнинг ички аудит хизматлари 2026 йил 10 декабргача суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоиз ва жарималар ҳисобланиши тўхтатилганини текшириши керак. Аниқланган қонунбузилишлар банк кузатув кенгаши ва бошқаруви муҳокамасига киритилиши лозим.
Қонунга зид равишда ҳисобланган фоиз ва жарималар бекор қилиниши, аввал ундирилган маблағлар эса қисқа муддатда қарз олувчиларга қайтарилиши шарт.
Банклар амалга оширилган ишлар ва қайтарилган маблағлар тўғрисидаги батафсил ҳисоботни тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 2026 йил 25 декабргача Марказий банкка тақдим этиши лозим.








