Она жазони ўтайди, бола махсус марказда тарбияланади: янги тизим йўлга қўйилади
Маҳкум аёлларнинг фарзандлари учун махсус боғчалар ташкил этилади.

Маҳкум аёлларнинг 3 ёшгача бўлган фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш ва уларнинг парвариши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида янги тартиб жорий этилади.
Бу Президентнинг 2026 йил 12 ноябрдаги “Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–395-сон қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 декабрдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда 3 ёшгача бўлган болалар учун “Она ва бола маркази” махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.
Ушбу ташкилотларда 5 нафаргача болани қамраб оладиган, кечаю кундуз фаолият юритувчи гуруҳлар йўлга қўйилади. Болаларнинг яшаши, тиббий хизматдан фойдаланиши, ёшига мос ривожланиши ва камол топиши учун зарур шароитлар яратилади.
Шунингдек, тарбияланувчилар 21-сон жазони ижро этиш колонияси ва 42-сон манзил-колонияси томонидан Болалар уйи тарбияланувчилари учун қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал ва юмшоқ анжомлар билан таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларнинг ўз вақтида эмланиши ва тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса ҳар чоракда она ва бола учун яратилган шароитларни ўрганиб, мониторинг олиб боради.








