Аёлларни даволаган шифокорлар қамоқ билан қўрқитилмоқда: Афғонистондаги янги тўсиқлар
Бу ҳолат шошилинч тиббий ёрдамга ҳам таъсир қилмоқда.

Афғонистоннинг аксарият вилоятларида эркак шифокорларга аёлларни эркак васий — маҳрам иштирокисиз текшириш ва даволаш тақиқланмоқда. Бу чекловлар ҳатто бемор шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ҳолатларга ҳам тааллуқли.
Бу ҳақда тиббиёт ходимларига таяниб, The Guardian нашри хабар берди.
Тиббиёт ходимларининг айтишича, Толибон вакиллари клиникаларда текширувлар ўтказиб, маҳрамсиз аёл беморларни даволаган шифокорларни қамоққа олиш билан қўрқитмоқда. Шу сабабли айрим шифокорлар белгиланган тартибларга риоя қилмасдан аёлларни текшириш ёки уларга шошилинч ёрдам кўрсатишдан чўчимоқда.
Вазият аёл тиббиёт ходимлари етишмаслиги сабаб янада мураккаблашган. 2024 йил декабридан бери афғон аёлларига тиббиёт олий ўқув юртларида таҳсил олиш тақиқланган. Шунингдек, шифокорлар шифохоналарда аёлларни ишга қабул қилишга ҳам чекловлар қўйилганини билдирмоқда.
Бироқ эркак шифокорларнинг аёлларни даволашини тақиқловчи расмий қарор бутун мамлакат бўйлаб эълон қилинмаган. Қайд этилаётган чекловлар тиббиёт ходимлари ва беморлар билдирган амалий ҳолатларга асосланган.








