30 мингга яқин педагог касбий синовдан ўта олмади: ҳар 9 педагогдан фақат 2 нафари сертификат олди
Энг юқори натижа Самарқанд давлат чет тиллар институти битирувчиларида қайд этилди.

2024–2026 йилларда ўтказилган олтита касбий сертификатлаш синовида жами 47 936 нафар педагог иштирок этди. Уларнинг 18 079 нафари, яъни 37,7 фоизи сертификат олди. Бу ҳақда Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги маълум қилди.
Агентлик сертификатлаш натижаларини Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди, шунингдек, 46 та фан ва мутахассислик бўйича таҳлил қилган. Синовларда мамлакатдаги жами педагогларнинг 6,9 фоизи қатнашган. 7 560 нафар педагог эса имтиҳонга умуман келмаган.
Таҳлил натижаларига кўра, педагог тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасалари битирувчиларининг сертификат олиш кўрсаткичи 37,2 фоизни, анъанавий университетлар битирувчилариники эса 39,9 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, 1 676 нафар педагог сертификат олиш учун талаб этилган натижага эришишига атиги битта тўғри жавоб етмаган.
Иш стажи бўйича натижаларда ҳам сезиларли фарқ кузатилган. Жумладан, 20 йил ва ундан ортиқ иш стажига эга педагогларнинг 19,2 фоизи, касбга янги кириб келганларнинг эса 45,2 фоизи сертификат олган.
Фанлар кесимида информатика, физика ва биология йўналишларида ҳар 9 нафар педагогдан атиги 2 нафари синовлардан муваффақиятли ўтган.
Олий таълим муассасалари битирувчилари натижалари ўртасидаги фарқ 2,6 баробарни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткич Самарқанд давлат чет тиллар институти битирувчиларида қайд этилиб, уларнинг 58,2 фоизи сертификат олган.








