Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли фундаментал асари араб тилида тақдим этилди
Олти боб ва хотимадан иборат китобда «Давлат — инсон учун» ва «Инсон қадри учун» тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат тараққиётининг устувор вазифалари ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлар таҳлил қилинган.

Мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирда Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлари, ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, инсон қадрига асосланган тараққиёт модели ҳамда халқаро тинчлик ва ҳамкорликка оид ташаббуслари кенг жамоатчиликка таништирилди.
Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Иордания Жаҳон ислом илмлари ва таълим университети президенти Жаъфар ал-Мағрибий ал-Фанатиса, Ўзбекистоннинг Иорданиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов, шунингдек, икки мамлакатнинг нуфузли олимлари, диний соҳа вакиллари ҳамда тадқиқотчилари қатнашди. Шунингдек, Иордания парламенти — Мажлис ал-Умма аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, сиёсатчилар, бизнес доиралари вакиллари, таҳлил марказлари экспертлари ҳамда араб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси — араб тилида
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” асарида мамлакатни модернизация қилиш, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга қаратилган стратегик қарашлари баён этилган.
Олти боб ва хотимадан иборат китобда «Давлат — инсон учун» ва «Инсон қадри учун» тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат тараққиётининг устувор вазифалари ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгаришлар таҳлил қилинган.
Асарда замонавий халқаро муносабатлар, глобал хавф-хатарлар ва уларни бартараф этишда мулоқот, бағрикенглик, маърифат ҳамда тинчликнинг аҳамиятига ҳам алоҳида ўрин берилган.
Хусусан, Президентнинг қарама-қаршиликлар ўрнига мулоқотни, адоват ўрнига бағрикенгликни, зўравонлик ўрнига тинчликни устувор қўювчи қарашлари Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари билан боғлиқ ҳолда ёритилган.
Тақдимотда асарнинг бугунга қадар араб, инглиз, итальян, рус ва урду тилларига таржима қилингани, унинг хорижий китобхонлар учун Ўзбекистондаги ўзгаришлар ва мамлакатнинг халқаро ташаббуслари билан танишиш имконини бераётгани таъкидланди.
Президент асари билан бирга яна 9 та нашр тақдим этилди
Аммонда «Янги Ўзбекистон феномени» мазмун-моҳиятини очиб берувчи, араб тилига таржима қилинган 9 та китоб ва китоб-альбом ҳам тақдим этилди.
Жумладан, «Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби» китоб-альбомида Ўзбекистон Президентининг ички ва ташқи сиёсатга оид ташаббуслари ҳамда уларга хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан берилган баҳолар жамланган.
Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган «Мустақиллик зафарномаси» китоб-альбомида Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги тараққиёт босқичлари, миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш ва мамлакатни модернизация қилиш жараёнлари акс эттирилган.
«Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти» асарида мамлакатнинг илмий-маърифий юксалиши, Учинчи Ренессанс ғоясининг стратегик асослари ва ислоҳотлар мазмун-моҳияти ёритилган. Ушбу нашрга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шариф кириш сўзи ёзган.
«Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри» китоб-альбоми эса миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик сиёсатига бағишланган.
Тақдим қилинган нашрлар Иордания кутубхоналарига совға қилинди. Аммонда Ўзбекистоннинг илмий ва цивилизациявий мероси ҳам таништирилди.
Президент асарининг тақдимоти билан бир қаторда, Иордания пойтахтида «Ўзбекистон: цивилизациялар, шахсиятлар, кашфиётлар» китоблар кўргазмаси ҳамда «Мовароуннаҳр — асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси» мавзусида халқаро илмий конференция ташкил этилди.
Тадбирлар доирасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ҳам ўтказилди.
Иштирокчиларга Марказнинг бой тарихий меросни сақлаш, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Мазкур халқаро тадбирларда икки мамлакатнинг давлат ва жамоат арбоблари, диний соҳа вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар ҳамда бошқа иштирокчилар қатнашди. Ташкилотчилар тақдим этган маълумотга кўра, тадбирлар иштирокчиларининг умумий сони 1 500 нафардан ошди.
Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан араб тилида тайёрланган, мамлакатдаги ислоҳотлар ва «Янги Ўзбекистон феномени»га бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди.
Маданий дипломатия ва илмий ҳамкорлик
Аммонда ўтказилган тақдимотлар Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий ислоҳотлари, тарихий-маданий мероси ва халқаро ташаббусларини араб жамоатчилигига таништиришга қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев асарининг араб тилида нашр этилиши Иордания ва бошқа араб мамлакатлари китобхонларига Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, давлат бошқаруви ислоҳотлари ҳамда халқаро муносабатларга оид ёндашувлар билан бевосита танишиш имконини беради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари раҳнамолигида халқ манфаати йўлида савоб амаллар адо этилиб, айниқса, бой маънавий меросни тиклаш ва эъзозлаш борасида улкан бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилмоқда.
Ўзбекистон — шунчаки қадимий тарихга эга мамлакат эмас, балки бутун ислом умматининг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутган, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар етишиб чиққан муборак заминдир.
Ўзбекистон давлати раҳбарининг диний таълим муассасаларини ривожлантириш, замонавий илм-фан билан уйғун ҳолда малакали диний мутахассисларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлари мени ҳайратга солмоқда.
Бугун Янги Ўзбекистонда исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини, маърифат, бағрикенглик, тинчлик ва эзгулик ғояларини кенг тарғиб этишга катта аҳамият берилаётгани қалбимда масрурлик ҳиссини уйғотмоқда, - деди Иордания Бош муфтийси Аҳмад ал-Ҳасанот.
Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ва илмий анжуманлар эса Ўзбекистон ва Иордания ўртасида тарихий меросни ўрганиш, тадқиқотлар олиб бориш ҳамда маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш учун мулоқот майдони бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” номли фундаментал асари ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётига бағишланган қатор асарлар тақдимоти доирасида ўтказилаётган илмий учрашувларда ўзига хос ҳикмат бор.
Авваломбор, илмий-академик ва маданий ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали барча тафовутларни енгиб ўтиб, халқларнинг бир-бирини бойитиши мумкинлигини кўрсатади.
Муҳими, асарда таъкидланганидек, инсоният низолар ўрнига ҳамкорликни, қўрқув ўрнига билимни, адоват ўрнига ўзаро ишончни танлаган тақдирдагина барқарор тараққиётга эришиши мумкин. Ишончим комилки, Ўзбекистон Президенти илгари сураётган ушбу ғоялар инсон тафаккурининг бепоён уммонига қуйилувчи қудратли дарё каби, унинг янги сарҳадларини очишга, эзгу мақсадлар сари йўналтиришга хизмат қилади, - деди Ал ул-Байт университети вице-президенти, профессор, доктор Ҳани Ахуршида.
Шунингдек, тадбир доирасида “Ўзбекистон: цивилизациялар, шахсиятлар, кашфиётлар” номли китоблар кўргазмаси, “Мовароуннаҳр – асрлар оша таралган ислом цивилизацияси зиёси” мавзусида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз чиқишида мазкур мажмуанинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва муаллифлик ғояси асосида бунёд этилгани, Учинчи Ренессанс концепцияси унинг экспозицияларида ўз ифодасини топганини қайд этди:
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – бу, энг аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва муаллифлик ғояси асосида амалга оширилган улкан маърифий лойиҳадир. Давлатимиз Раҳбари 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ташаббусларида жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг тарғиб этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Марказ ана шу эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этиш, буюк аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳонга танитишга хизмат қилади.











