36 минг долларлик опий савдоси фош этилди: уч вилоятда наркотик моддалар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди
Қашқадарёдаги ЙПХ масканида текширилган автомобиль йўловчисидан 327 гр опий ва 127 гр гашиш топилган.

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор профилактик тадбирлари давомида Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида наркотик моддалар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Самарқанд вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати бошқармаси, божхона ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут туманида яшовчи, 1987 ва 1994 йилларда туғилган икки шахс 1 кг 950 гр опийни 36 минг долларга сотаётган вақтида ушланган. Наркотик модда контрабанда йўли билан мамлакатга олиб кирилган.
Хоразм вилоятидаги тадбирда эса 1999 йилда туғилган шахс Урганч туманида вақтинча яшаётган хонадонидан чиқаётганида тўхтатилган. Шу пайтда унинг таниши бўлган аёл хонадон деразасидан целлофан пакетни ташқарига улоқтирган. Пакет кўздан кечирилганда, унда 715 гр гашиш, 0,92 гр мефедрон ҳамда прегабалин моддаси бўлган «PGN 300» номли 23 дона дори воситаси борлиги аниқланган.
Қашқадарё вилоятидаги «Умакай» йўл-патруль хизмати масканида Сурхондарёдан Тошкентга кетаётган «Cobalt» автомобили тўхтатилиб, текширилган. Автомобилда йўловчи сифатида кетаётган Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахснинг ёнидан 327 гр опий ва 127 гр гашиш топилган. Маълумотларга кўра, ушбу моддалар аввал Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








