Энди пенсияга муддатидан олдин чиқиш учун идорама-идора юриш шарт эмас
Корхона тугатилиши ёки штатлар қисқариши сабабли ишсиз қолган фуқаролар пенсияга чиқиш учун онлайн ариза бериши мумкин.

Ўзбекистонда корхона ёки ташкилот фаолияти тугатилгани ёхуд штатлар қисқаргани сабабли ишдан бўшатилган фуқаролар муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимномани энди my.gov.uz портали орқали расмийлаштириши мумкин. Янги хизмат бепул йўлга қўйилган.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали маълумотига кўра, ушбу имкониятдан белгиланган меҳнат стажига эга бўлган 58–60 ёшдаги эркаклар ва 53–55 ёшдаги аёллар фойдаланиши мумкин.
Бунда эркакларнинг камида 25 йиллик, аёлларнинг эса камида 20 йиллик меҳнат стажи бўлиши талаб этилади.
Ариза топшириш учун меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси тақдим этилади. Агар меҳнат стажи ҳақидаги маълумотлар тўлиқ рақамлаштирилмаган бўлса, меҳнат дафтарчаси нусхаси ҳам керак бўлади.
Ариза икки иш куни ичида кўриб чиқилади. Иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаро мақбул иш таклифини олиш учун 10 кун ичида бандлик бўлимига мурожаат қилиши лозим.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб уч ой ичида мақбул иш топиб берилмаса, фуқаро белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилади. Шундан сўнг муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимнома расмийлаштирилиб, пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборилади.
Хизматдан фойдаланиш бепул. Аризани my.gov.uz портали орқали юбориш мумкин.








