Тошкентда Erasmus+ экспертларининг халқаро конференцияси бошланди
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари иштирокида олий таълим тизимини ривожлантириш ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга бағишланган халқаро форумлар ўтказилмоқда.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Олий таълимни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги Erasmus+ экспертларининг халқаро конференцияси ҳамда “Илмий ахборотдан фойдаланиш ва нашр фаоллиги” номли 10-анъанавий илмий-таълим форуми бошланди.
19–20 ноябрь кунлари ўтказилаётган тадбир Таълим ва илм-фан вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамда Erasmus+ Миллий офиси ҳамкорлигида ташкил этилган.
Анжуманда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари олий таълим муассасалари вакиллари, Erasmus+ лойиҳалари координаторлари ва халқаро экспертлар иштирок этмоқда.
Иштирокчилар олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, Erasmus+ лойиҳаларининг таъсири, илмий тадқиқотларда сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда илмий нашрлар фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама қилмоқда.








