Бир ташрифда 30 кунгача: Ўзбекистон ва Уммон ўртасида визасиз тартиб жорий этилади
Йил давомида визасиз бўлиш муддати жами 180 кундан ошмаслиги лозим.

Ўзбекистон Президентининг Уммонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ўзаро визадан озод қилиш тўғрисидаги битим имзоланди.
Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, 17 ноябрь куни имзоланган ҳужжат муқаддима ва 14 та моддадан иборат.
Битимга мувофиқ, икки давлат фуқаролари амал қилиш муддати камида олти ой бўлган хорижга чиқиш биометрик паспорти орқали бир-бирининг ҳудудига визасиз кириши, транзит ўтиши ва чиқиши мумкин бўлади.
Визасиз бўлиш муддати ҳар бир ташрифда 30 кунгача, бир календарь йили давомида эса жами 180 кундан ошмаслиги керак.
Мазкур тартиб доимий яшаш, ўқиш ёки меҳнат рухсатномасини талаб қиладиган фаолиятга татбиқ этилмайди. Белгиланган муддатдан ортиқ қолиш учун қабул қилувчи давлат қонунчилигига мувофиқ виза расмийлаштириш талаб этилади.
Ҳужжатда форс-мажор ҳолатларида бўлиш муддатини бепул узайтириш, паспорт йўқотилган ёки шикастланган тақдирда вақтинчалик йўл ҳужжатини бериш ҳамда номақбул деб топилган шахсларнинг киришини рад этиш ёки бўлиш муддатини қисқартириш тартиблари ҳам белгиланган.
ТIV маълумотига кўра, битим томонлар унинг кучга кириши учун зарур ички тартиб-таомилларни бажаргани ҳақидаги сўнгги ёзма хабарномани олган кундан бошлаб 30 кун ўтгач кучга киради.








